Аҳмад Масъуд дунё давлатларига мурожаат қилди
Панжшер вилояти ҳокими, қаршилик фронти раҳбари Аҳмад Масъуд дунё давлатларига мурожаат қилди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Масъуднинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳаракати Афғонистон халқ қаршилик фронтига қарши ИШИД ва «Ал-Қоида» каби террорчи ташкилотлар билан иттифоқ тузганини аниқ тан олади. У ўз мурожаатида ҳаракат жангарилари «дунёни экстремизм ва зўравонлик нигоҳи билан кўриши»ни таъкидлаган.
Шунингдек, у «Толибон» ҳаракатининг одамларга қарши ҳужумлари, зўравонлиги каби тажовузкор ҳаракатлари яқин орада Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг барча мамлакатлари ҳамда бутун дунёни қамраб оладиган даҳшатли оқибатларга олиб келишини қайд этган.
«Бугун ИШИД, ‘Ал-Қоида’ ва бошқа экстремистик гуруҳлар ‘Толибонʼ билан биргаликда Панжшер ва Афғонистон шимолидаги озчилик вакилларини ўлдиришни бошлади», — деган Масъуд.
Унинг фикрича, бу қонунбузарлик учун «Толибон» ҳаракатини тан олганлар ҳамда уларга психологик ва моддий ёрдам кўрсатганлар жавобгардир. Қаршилик раҳбари АҚШ ва НАТО ҳарбий кучлари сўнгги 20 йил ичида мамлакатга жуда кўп қурол-яроғ ва ҳарбий техника олиб кирганини, улар ҳозирда жангарилар ихтиёрида эканини таъкидлаган. Ҳамда у инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ҳақидаги ваъдаларини бажара олмаган «Толибон» Панжшер ва Афғонистоннинг бошқа ҳудудлари аҳолисини бу қуроллар билан ўлдириб, этник ва диний адоватни қўзғатиш билан боғлиқ жиноятлар содир этаётганини айтган.
Шу билан бирга, Масъуд ҳаракат жангарилари ҳозир 4–5 минг йиллик тарихга эга тарихий ёдгорликларни вайрон қилаётганини айтиб ўтган.
«Агар биз бу ‘оммавий қирғин қуроллари’ни олдини олиш ва бостириш чораларини кўрмасак, бугун ёки эртага гуруҳларнинг фаолияти бутун дунёни қамраб олади. Эртага кеч бўлади», — дея хулоса қилган Панжшер ҳокими.
Аввалроқ Аҳмад Масъуднинг Тожикистонга қочиб кетгани айтилганди. Шунингдек, Аҳмад Масъуд армияси Тожикистон билан чегарада «Толибон»га ҳужум қилгани маълум қилинган.