Бухорода эркак билан ишқий муносабатларини ошкор қилмаслик учун пул олган қиз ушланди
Бухоро вилояти Ромитон туманида фуқаро билан ишқий муносабатларини ошкор қилмаслик учун пул олган 30 ёшли қиз ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тезкор тадбир давомида Ромитон туманида яшовчи 1991 йилда туғилган қиз ўзга бир фуқаро билан ўрталаридаги ишқий муносабатларни унинг оила аъзоларига ошкор қилиш билан қўрқитгани аниқланган. Қиз Қозикент маҳалласида жойлашган «Ziyo» кафесида ундан 330 минг сўмни олаётган вақтда қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан қизга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда 40 яшар эркак билан гаплашиб, унга «шантаж» қилган 16 ёшли қиз ушлангани ва Тошкентда қизи ва йигит ўртасидаги муносабатларни ошкор қилмаслик учун йигитнинг отасидан 1100 доллар талаб қилган аёл қўлга олингани хабар қилинган.