Google Афғонистон собиқ ҳукуматининг аккаунтларини блоклади
Google Афғонистон ҳукуматининг электрон почтасидаги баъзи маълумотларини «Толибон» ҳаракатидан ҳимоя қилиш учун вақтинча блоклади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маълум қилинишича, Афғонистоннинг йигирмага яқин ҳукумат идоралари расмий электрон почтани қайта ишлаш учун Google серверларидан фойдаланган. Улар орасида молия, саноат, таълим ва тоғ-кон вазирликлари бор. Шунингдек, Афғонистон президенти идораси ҳам Google хизматларидан фойдаланган.
Таъкидланишича, серверга киритилган ҳукуматнинг маълумотлар базалари ва электрон почта хабарлари собиқ маъмурият ходимлари, собиқ вазирлар, ҳукумат пудратчилари ҳамда чет эллик ҳамкорлар ҳақида маълумот бериши мумкин. DomainTools интернет компаниясининг хавфсизлик бўйича тадқиқотчиси Чад Андерсоннинг фикрича, ‘Толибон’нинг АҚШ яратган рақамли инфратузилмани бошқаришга уринишлари эътиборга лойиқдир. Унинг сўзларига кўра, ушбу инфратузилма маълумотлари «ёш ҳукумат учун эски вертолётлардан кўра қимматлироқ бўлиши мумкин».
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати қўлига ўтган АҚШ ҳарбий техникаларининг нархи маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» етакчиларининг биографик маълумотлари ошкор қилинган.