Наманганда 17 соат ичида 3 та ёнғин содир бўлди
Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ва Наманган шаҳрида 17 соат давомида 3 та ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа 3 сентябрь куни соат 19:07 атрофида Янгихаёт МФЙ Заркент кўчасидаги уйда содир бўлган. Аниқланишича, Наманган шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимига ёнғин бўлаётгани тўғрисида хабар берилган.
Ҳодиса жойига қутқарув экипажи етиб бориб, 19:45 да ёнғин ўчирилган. Оқибатда хонадондаги молхонанинг 25 квадрат/метр қисми ҳамда қўшни уйнинг том қисмидан 40 квадрат/метри ёниб зарарланган.
Шунингдек, 3 сентябрь куни соат 13:15 атрофида Янгиқўрғон туман фавқулодда вазиятлар бўлимига Деҳқонобод МФЙ Ўрта кўчасидаги уйда ёнғин юзага келгани бўйича мурожаат қилинган.
Ёнғин қутқарув бўлими воқеа жойига етиб борган ва ҳодиса 13:33 да бартараф этилган. Аниқланишича, оқибатда хонадон ҳовлисидаги темир вагон ички қисмидан 15 квадрат/метр жойи ёнган.
Қайд этилишича, навбатдаги воқеа 4 сентябрь куни соат 05:53 да Янгиқўрғон тумани Ровот МФЙ Дўстлик кўчасидаги дўконда содир бўлган. Таъкидланишича, ёнғин сабаб дўконнинг шифтининг 10 квадрат/метр қисми ҳамда озиқ-овқат моллари ёниб кетган. Ҳозирда юзага келган ҳолатлар юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда бир-бирига туташ бўлган уйларнинг томи ёниб кетгани маълум қилинган. Шунингдек, Сурхондарёдаги мактабнинг 2-қавати ёниб кетгани хабар қилинган.