Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасида 100 минг нафаргача ёш мутахассис тайёрланади
«Ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида ёш мутахассисларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида маълум қилинди.

Унга кўра, ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида ёш мутахассисларни мақсадли ўқитишни қўллаб-қувватлаш ва уларни кейинчалик ишга жойлаштириш механизми жорий этилади. Қарор билан қуйидагилар ташкил этилган:
- АТ «Алоқабанк» ҳузурида масъулияти чекланган жамият шаклида Венчур жамғармаси;
- масъулияти чекланган жамият шаклида «IT-билимларни ривожлантириш маркази».
Ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида кейинги 5 йил ичида 100 минггача ёш мутахассисни тайёрлаш, шунингдек, уларни кейинчалик ишга жойлаштиришда кўмаклашиш марказнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Таъкидланишича, ҳар йили 5 йил ичида мутахассисларнинг соҳада мақсадли тайёрланишини ва уларнинг стартап лойиҳаларини молиялаштиришни ташкил этиш учун марказга 50 миллиард сўм миқдорида амалдаги қайта молиялаштириш ставкасининг ярмидан ошмаган ҳолда қарз ажратилади ва у кейинги 5 йил ичида босқичма-босқич қайтарилади.
Шунингдек, таълим ташкилотларида мақсадли ўқиш учун 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқароси номзод бўлиши айтилган. Номзодлар ўқув маркази томонидан таълим ташкилотлари билан биргаликда танлов асосида танланади.
Танлаб олинган номзодлар (стипендиатлар) Марказ билан уларнинг истиқболдаги даромадларини улуш тарзида тақсимлаш тўғрисидаги шартномани (Income Share Agreement) тузади. Қайд этилишича, ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида уларнинг ўқишини тўлашга мақсадли қарз тақдим этилади. Стипендиатлар ўқишни тугатгандан сўнг мақсадли қарз ва ушбу қарз бўйича фоизларни қайтаришга мажбур.
Аввалроқ Ўзбекистонда халқаро IT-сертификатларини олишда харажатлар 50 фоизгача қоплаб берилиши хабар қилинган. Шунингдек, Шерзод Шерматов дастурлаш бўйича яхши мутахассис бўлмоқчи бўлганлар инглиз тилини ўрганиши кераклигини таъкидлаганди.