Ўзбекистонда қизлар мактабга рўмолда боришига рухсат берилди
Ўзбекистон мактабларида қизлар учун истисно тариқасида оқ ва очиқ рангларда миллий рўмол (бошнинг орқа томонига ўралган ҳолатда) ва дўппида бўлишга рухсат этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

«Миллий қадриятларимизни инобатга олган ҳолда қизларимиз учун истисно тариқасида мактабда оқ ва очиқ рангларда миллий рўмол (бошнинг орқа томонига ўралган ҳолатда) ва дўппида бўлишларига рухсат этилади», — дейди вазир.
Шерзод Шерматов Халқ таълими вазирлигининг Facebook’даги саҳифасида очиқ мулоқот ўтказмоқда. Унда янги ўқув йили бўйича саволларга жавоб берилади.
Аввалроқ Чинозда мактаб директори ўқувчилардан дарсга рўмолда келмасликни сўраганди. Кейинчалик, Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 28-сонли мактабда директор ўринбосари рўмолли қизларга танбеҳ бергани хабар қилинганди.