Тошкентда болаларга ноқонуний диний таълим берган 42 ёшли эркакка чора кўрилди
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида болаларга ноқонуний диний таълим берган 42 ёшли эркакка чора кўрилди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, профилактик тадбир давомида А.В. ўз уйида 3 ой давомида тегишли рухсатсиз болалар учун диний адабиётдан фойдаланган ҳолда дарс ўтган. Эркакнинг муқаддам судлангани аниқланган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга йўналтирилган. Суд фуқарога нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима тайинлаган.
Аввалроқ Тошкентда уйида ноқонуний ҳужра ташкил қилган 20 ёшли йигит ушлангани, Андижонда 3 эркак болаларга ноқонуний диний таълим бергани ва Қашқадарёда уйида 14 нафар болага ноқонуний диний таълим берганлар қўлга олингани хабар қилинган.