Тошкентда эркак ички ишлар ходимининг бурнига боши билан зарба берди
Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида 28 август куни фуқаро Т.Н. ички ишлар ходимининг талабига бўйсунмай, унинг бурнига боши билан зарба берди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Янгиҳаёт тумани ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш патруль-пост хизмати ходимлари Ҳ.И. ва Ф.Х. Спутник 15 массивидаги 12-сон автобус парки яқинида тунги вақтдаги пиёда патруллаш давомида хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган икки нафар фуқаро — 27 ёшли Т.Н. ва 30 ёшли У.Г.ни кўриб қолган. Ходимлар фуқароларнинг ёнига келиб, ўзини таништиргач, жамоат жойида ниқобсиз юриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантирган.
Шундан сўнг фуқароларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида улар туман ИИО ФМБ ички ишлар бўлимига таклиф қилинган. Аммо йигитлар бунга жавобан қўпол тарзда қаршилик кўрсатиб, ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмаган. Т.Н. боши билан сафдор Ҳ.И.нинг бурун қисмига зарба бериб, унга бадан шикасти етказган.
Мазкур факт бўйича тўпланган ҳужжатлар Янгиҳаёт тумани прокуратурасига йўналтирилган. Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Т.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Аввалроқ Жиззахда маст эркак ИИБ ходимларини сўкиб, уларга қаршилик кўрсатгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида радар ўрнатилган машинадаги ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатган ҳайдовчи ушлангани хабар қилинган.