Афғонистоннинг Балх вилояти собиқ губернатори Панжшердаги вазиятга муносабат билдирди
Афғонистоннинг Балх вилояти собиқ губернатори, «Афғонистон ислом жамияти» партияси етакчиларидан бири Ато Муҳаммадий Нур ижтимоий тармоқларда Панжшер атрофидаги вазиятга муносабат билдирди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Маълум қилинишича, «Афғонистон ислом жамияти» партияси етакчиларидан бири вазиятга муносабат билдириш билан бир қаторда дунё ҳамжамиятига «Толибон» ҳаракати юзасидан мурожаат қилган.
«Ҳаракатнинг панжшерликларга қарши уруши ва уларнинг вилоятни ҳар томонлама блоклаш орқали таслим қилдиришга уруниши тоталитаризм ва диктатурага интилишдан бошқа нарсани англатмайди. Тобора этноцидга айланаётган ва йўқотишларга олиб келаётган бу уруш катта афсусни келтириб чиқармоқда», — деб ёзган сиёсатчи Facebook’да дунё ҳамжамиятини Панжшер блокадасига жавоб беришга чақирган ҳолда.
Унинг сўзларига кўра, Панжшер уруш ва этноцидга дуч келаётган, барча нарсадан, ҳатто тиббий хизматдан ҳам узиб қўйилган бир пайтда инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирадиган жаҳон ҳамжамиятининг айни пайтдаги сукунати «Толибон» ҳаракатининг қилаётган ишларидан яхшироқ эмас.
Маълум қилинишича, Ато Нур вазиятни бошқалардан кўра кўпроқ ҳис қилади. Панжшер қаршилик кучларининг асосини этник тожиклар ва пуштунлар ташкил қилади, Нур эса афғонистонлик тожик бўлиб, яқин вақтгача Афғонистондаги ушбу диаспорани бошқариб келган.
Таъкидланишича, ҳозирда музокаралар муваффақиятсизликка учрагач, Панжшерда қаршилик ва ҳаракат ўртасида қаттиқ жанглари бўлиб ўтмоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳаракат катта йўқотишларга дуч келган.
Аввалроқ Аҳмад Масъуд дунё давлатларига мурожаат қилганди. Шунингдек, унинг Тожикистонга қочиб кетгани айтилган.