«АҚШнинг бу ҳаракати — муваффақиятсиз сиёсатнинг давоми» — Саид Хатибзода
Вашингтоннинг Теҳронга қарши янги санкциялари АҚШнинг муваффақиятсиз сиёсатининг давоми экани маълум қилинди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хатибзодага таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатларнинг ҳозирги ҳукумати мамлакатнинг олдинги маъмурияти амал қилган муваффақиятсиз йўлни давом эттирмоқда.
«АҚШнинг бу ҳаракати — муваффақиятсиз сиёсатнинг давоми. Вашингтон санкцияларга содиқлигидан воз кечиши ва Теҳрон билан муносабатларда ҳурмат тамойилидан бошқа йўли йўқлигини тушуниши керак», — дея қўшимча қилган у.
Маълумотларга кўра, АҚШ Молия вазирлиги Эроннинг тўрт фуқароси санкциялар рўйхатига киритилгани ва унинг Эрон Ахборот (разведка) вазирлиги билан боғлиқлигини эълон қилган.
Аввалроқ Эроннинг янги президенти АҚШ санкциялари остидаги амалдорни вице-президент этиб тайинлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, АҚШ Эроннинг янги президентига мурожаат қилган.