Гвинея махсус кучлари қўмондони ҳокимиятни қўлга олишга ҳаракат қилди — видео
Гвинеяда мамлакат махсус кучлари қўмондони бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбийлар мамлакатда ҳукумат тўнтариши уюштирмоқчи бўлгани таъкидланди. Бу ҳақда «Jeune Afrike»га таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳарбийлар президент Альфа Конденинг қароргоҳига ҳужум қилган. Уларга мамлакат армиясининг GPS махсус бўлинмаси қўмондони полковник Мамади Думбуйя бошчилик қилган. Таъкидланишича, унинг тарафдорлари Конденинг соқчилари билан жанг қилган. Қайд этилишича, соқчилар президент хавфсизлигини таъминлаган.
Бошқа оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра Гвинея президентини ҳарбийлар ҳибсга олган. Бундан ташқари, махсус кучлар гуруҳи қўлида Гвинеянинг бошқа юқори мартабали амалдорлари борлиги айтилган.
Айтилишича, аввалроқ оммавий ахборот воситаларида президент саройидан ўқ овозлари эшитилгани ҳақида хабар тарқалган. Лекин бунга нима сабаб бўлгани очиқланмаган. Саройга қилинган ҳужумга раҳбарлик қилган Думбуйя илгари Франция хорижий легионида хизмат қилган ва 2018 йилда GPS бўлинмасини бошқариш учун Гвинеяга қайтган.
Аввалроқ Гаити президенти ўз қароргоҳида отиб ўлдирилганди. Шунингдек, унинг рафиқаси эри нима сабабдан ўлдирилганини маълум қилган.