Ўзбекистон Афғонистондаги вазият бўйича бўлиб ўтадиган конференцияда иштирок этиши мумкин
Ўзбекистон Афғонистондаги вазият бўйича бўлиб ўтадиган конференцияда иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Маълум бўлишича, Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший эронлик ҳамкасби Ҳусайн Амир Абдуллоҳян билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган. Музокаралар якунида дипломатлар Афғонистондаги вазият бўйича кенг кўламли конференция ўтказилишини эълон қилган. Унда бу мамлакатга қўшни давлатлар иштирок этиши кўзда тутилган. Қайд этилишича, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳозирча ўз иштирокини расман тасдиқламаган.
«Иккала томон Афғонистондаги сўнгги воқеалар ҳақида батафсил фикр алмашди, шунингдек, яқин кунларда Афғонистон қўшниларининг вакиллари даражасида конференция ўтказишга келишиб олди», дейилади хабарда.
Айтилишича, «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга келганидан кейин Афғонистондаги вазият бутун дунёда хавотир уйғотган. Шу сабабдан 16 cентябрда Душанбеда ўтиши режалаштирилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ҳам афғон муаммосига бағишланиши айтилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазиятга муносабат билдирганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев бу масалада Тожикистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилган.