Ўзбекистон ижод мактабларининг 98 фоиз битирувчиси талаба бўлди
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактабларининг 98 фоиз битирувчиси олий таълим муассасаларининг 2021/2022 ўқув йили мавсумига қабул қилинди. Бу ҳақда агентлик матбуот котиби «Bugun.uz»га хабар қилди.

Маълум бўлишича, 2021 йилда агентлик тизимида қуйидаги 6 та ижод мактабини 160 нафар битирувчи тугатган:
- Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби;
- Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби;
- Андижон шаҳрида жойлашган Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби;
- Наманган вилоятидаги Исъҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби;
- Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби;
- Жиззах вилоятидаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби.
Таъкидланишича, битирувчиларнинг 98 фоизи хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Жумладан, Исъҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби 39 нафар битирувчисининг ҳаммаси маҳаллий ва хорижий олийгоҳлар талабаси бўлган. Улардан 27 нафари маҳаллий ОТМга, 12 нафари эса хорижий олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ижод мактабларига қабул кунлари ва кириш имтиҳони тартиби маълум бўлганди. Шунингдек, Президент мактаблари битирувчиларига тўлов-контракт суммаси қоплаб берилиши ва Президент мактабларига ҳудудлар кесимида қайси синфлар учун қабул квоталари белгилангани хабар қилинган.