Тошкентда ЙПХ ходимлари ва ҳайдовчи ўртасида келишмовчилик юзага келди — видео
Тошкент шаҳридаги «Абу Саҳий» бозорида 3 сентябрь куни Йўл-патруль хизмати ходимлари ва ҳайдовчи ўртасида жанжал юзага келгани ҳақида хабар тарқалганди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар «Абу Саҳий» бозори автотураргоҳидан чиқишда 3 сентябрь куни соат 21:45 атрофида «Cobalt» машинаси ҳайдовчиси йўлнинг ҳаракат қисмига тўхтаган вақтида шу ерда хизмат олиб бораётган инспекторлар Э.Туланов ва С.Эргашев автоуловни автотураргоҳга қўйиш кераклиги хақида огоҳлантирган. 2001 йилда туғилган Ж.М. исмли ҳайдовчи машинани ҳайдаб кетиб, олдинда ҳаракатланиб кетаётган «Spаrk» автомашинаси ҳайдовчиси билан йўл талашган ва бита спорт анжомини олиб, «Spаrk» ҳайдовчиси билан жанжаллашган.
Қайд этилишича, ЙПХ инспекторлари ҳолатнинг олдини олиш учун фуқаро Ж.М.ни ушлаб, ўзига ва автоуловига тегишли хужжатларни тақдим қилишни сўраганда ҳайдовчи уларнинг қонуний талабига бўйсунмаган. Шундан сўнг у Тошкент шаҳар Чилонзор туман ички ишлар органига олиб борилган ва тегишли хужжатларсиз транспорт воситасини бошқаргани учун унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши)га асосан маъмурий баённома расмийлаштириб, фуқарога тегишли чора кўриш учун ички ишлар бўлимига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида ички ишлар ходимлари ва депутатлар ўртасида жанжал юзага келгани хабар қилинганди. Шунингдек, Сурхондарёда ички ишлар ходимлари фуқароларга куч ишлатгани ва Тошкентда ЙПХ ходимлари ҳайдовчини қувлагани маълум қилинган.