Тошкентдаги «UzAuto Motors» монополиясига атаб чизилган стрит-артни ўчира олишмади
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида «inkuzart» тахаллуси билан ижод қилувчи кўча рассомининг «UzAuto Motors» монополияси тасвирланган сурати ўчирилаётгани хабар қилинганди. «Дарё» маълум қилишича, суратни ўчира олишмаган.

Қайд этилишича, стрит-артда тасвирланган навбат бошида турган инсоннинг бош кийими «шапка» тизимига метафора ҳисобланади. Бу орқали Ўзбекистон автосалонларида машина харид қилиш учун юзага келган навбат ва маълум тор доира одамларининг ушбу жараёндаги устунлиги кўрсатиб берилган.
«Кимдир деворий суратнинг устидан оқ бўёқ тортиб, ўчир(тир)иб ташламоқчи бўлган. Аммо бунинг уддасидан чиқмаган. Суратдан ҳам кўриш мумкинки, ўчириш учун бунинг ўзи етарли бўлмаган. Стрит-артда ва ерда оҳак излари қолган», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, сурат ҳали ҳам АҚШнинг Ўзбекистондаги эски элчихонаси деворларида турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда кўп қаватли уй деворига Оксана Чусовитинанинг сурати чизилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Оксана Чусовитина стрит-артни бориб кўргани маълум қилинган.