«Бизнинг асосий эътирозимиз ижроия органларига» — Мақсуда Ворисова
Тошкентда 6 сентябрь, душанба куни Халқ демократик партиясининг навбатдаги ХII қурултойи бўлиб ўтди. Унда президентликка номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастурини эълон қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Унинг маълум қилишича, амалдаги Президент олиб бораётган ички ва ташқи сиёсат дунё эътирофига сазовор бўлмоқда. Бироқ президентликка номзод ўз партиясининг амалдаги сиёсатнинг қайси бўғинига эътирози борлигини таъкидлаган.
«Бу сиёсатда биз танқид қилаётган соҳа тўғри қилинган қарорларнинг ижроси таъминланмаслигидир. Президент томонидан кўп қарорлар қабул қилиняпти.
Лекин узоқ қишлоққа борсак, шу хабарлардан аҳолининг хабарсизлиги ёки ижроия органларининг етарли даражада амалга оширмаслигига гувоҳ бўляпмиз. Бизнинг асосий эътирозимиз ижроия органларига», — деди Ворисова.
Аввалроқ ХДП президентлик сайловида илгари сурган номзодини маълум қилингани ва ХДП раиси ўзининг президентликка номзод сифатида кўрсатилмаганига изоҳ берганди.