Жиззахда юк машинаси ёниб кетди
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида юк машинаси ёниб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 6 сентябрь куни соат 16:40 атрофида Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 1027-километрида Самарқанд–Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган, 1985 йилда туғилган Ш.Ғ. бошқарувидаги «КамАЗ» русумли юк автомобилининг газ ускунасидаги носозлик сабаб ёнғин юзага келган.
Ҳайдовчи автомобилни зудлик билан тўхтатган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқлиги маълум қилинди.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса юзасидан Ғаллаорол тумани ФВБ ҳамда ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда «Spark» ёниб кетганди. Шунингдек, Қашқадарёда «Lacetti» ёниб кетгани хабар қилинди.