Эрон президенти ядровий музокаралар ўтказиш шартини маълум қилди
Эрон президенти Иброҳим Раисий 2015 йилдаги ядровий битимни янгилаш борасида жаҳон кучлари билан музокаралар ўтказиш шартини маълум қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маълум бўлишича, Франция ва Германия июнь ойида Эронда бўлиб ўтган сайловлардан кейин Теҳроннинг ядровий кенгайишидан хавотирланиб, зудлик билан Эронни ядровий музокараларга қайтишга чақирган. Шунингдек, август ойида мазкур икки давлат ва Британия БМТнинг ядровий хавфсизликни назорат қилиш органининг Эрон уран ишлаб чиқариш қувватини 60 фоизга оширгани ҳақидаги хабаридан хавотир билдирган.
Ўз навбатида, Эрон уларнинг ядровий дастури тинч характерда эканини айтган ва улар назорат органларига ўз фаолияти тўғрисида хабар берганини маълум қилган. Агар АҚШ Эронга нисбатан санкцияларни бекор қилса, Теҳроннинг 2015 йилги келишувдан чиқиши бекор қилиниши айтилган.
«Ғарб сиёсатчилари ва америкаликлар босим билан музокаралар олиб бормоқдалар. Мен ҳукуматимиз кун тартиби бўйича босимдан холи шаклда музокара олиб боришимизни эълон қилганман. Унда биз адолатсиз санкцияларнинг бекор қилинишига эришишга интиламиз», — дея Раисий музокара шартини маълум қилган.
Аввалроқ Эроннинг янги президенти ядро қуроли бўйича баёнот берганди. Шунингдек, дунёда ядро уруши эҳтимоли ошаётгани маълум қилинган.