«Ҳукумат коррупцияни йўқотиш ва бизнес муҳитни яхшилаш борасида ҳаракатларини тўхтатмайди» — Сардор Умрзоқов
Тошкент шаҳрида 6 сентябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон–Бангладеш давлатлари ўртасидаги бизнес форумдаги нутқида бош вазир ўринбосари, Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Ўзбекистон ҳукумати коррупция билан курашиш ва бизнес муҳитини яхшилашдан тўхтамаслиги ҳақида айтиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Келтирилишича, Бангладешнинг ҳукумат ва бизнес вакиллари ҳамда Хусусий саноат ва инвестициялар бўйича бош вазир маслаҳатчиси Салман Фазлур Раҳман иштирок этган тадбирда Сардор Умрзоқов Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ислоҳотлар давомли бўлишини таъкидлаган.
«Агар биз икки давлат тадбиркорлари ҳамкорлик қилишини истасак, уларга керакли шароитларни яратиб беришимиз керак. Ўзбекистон қилинаётган ислоҳотлардан ортга қайтмайди ҳамда бозор тамойилларига асосланган, очиқ иқтисодиётни қўллаб-қувватлашни давом этади. Ҳукумат коррупцияни йўқотиш ва бизнес муҳитни яхшилаш борасида ҳаракатларини тўхтатмайди», — деди бош вазир ўринбосари.
Шунингдек, форумда икки давлат ўзаро молия, тўқимачилик ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликларини ривожлантириш борасида ҳамда Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши муҳокама қилинди.
«Биз тарихан бир-бири билан алоқадор давлатлармиз. Икки давлатнинг аҳолисини ҳам асосий қисмини мусулмонлар ташкил этади, шунингдек, маданий жиҳатдан ҳам ўзаро яқинмиз. Бангладеш икки катта бозор бўладига давлат Хитой ва Ҳиндистон орасида жойлашган, бу эса ҳамкорлигимиз натижасида Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти ўсишига ёрдам бера олишини англатади», — деди Салман Фазлур Раҳман.
Аввалроқ Сардор Умрзоқов нега хориж брендлари ўзбек пахтасини бойкот қилганига изоҳ берганди ва Президент Бангладеш ташқи ишлар вазири билан учрашганди.
