Исроилдаги қамоқхонадан 6 нафар фаластинлик туннель орқали қочиб кетди — видео
Исроилда 6 нафар фаластинлик маҳбус қамоқхона хожатхонасининг туннелидан қочиб кетди. Бу ҳақда «The Jerusalem Post» хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳозирда маҳбусларни Исроил хавфсизлик агентлиги, чегара полицияси, ҳарбий хизматчи ва махсус кучлар оммавий тарзда қидирмоқда, Ғарбий Соҳилда назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатилган. Хавфсизлик кучлари ҳаво техникаси ва итлар ёрдамида қидирув ишлари олиб бормоқда.
Полиция маҳбуслар Фаластин шаҳри ёки Иорданияга қочган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фактларни текширмоқда. Таъкидланишича, олти маҳбус бир хонада бўлган, улар занглаган қошиқ ёрдамида бир ой давомида туннель қазиган.
Исроил бош вазири Нафтали Беннет мамлакат ички ишлар вазири Омер Бар-Лев билан суҳбатда «бу барча хавфсизлик кучларининг саъй-ҳаракатларини талаб қиладиган жиддий ҳодиса» эканини айтган. Полициянинг юқори мартабали амалдори бу мамлакатдаги энг даҳшатли ҳодисалардан бири эканини таъкидлаган.

Қайд этилишича, қочган маҳбуслар исроилликларга қарши содир этган террор ҳужумлари учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва қўриқланадиган маҳбуслар бўлган.
Аввалроқ Исроил ва Фаластин вакиллари 11 йил ичида биринчи марта юқори даражали учрашув ўтказгани маълум қилинганди. Шунингдек, Исроил ҳарбий ҳаракатларни қачон тўхтатишини маълум қилган.