Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати қачон пасайиши маълум бўлди
Ўзбекистон бўйлаб 9–10 сентябрь кунлари ҳаво ҳароратининг пасайиши кузатилади. Бу ҳақда гидрометеорология соҳаси мутахассиси, докторант Эркин Абдулаҳатов шахсий Telegram каналида хабар берди.

Қайд этилишича, 9 сентябрь Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларида, 10 сентябрдан республиканинг бошқа вилоятларида ҳаво ҳарорати пасаяди.
Қора денгизи устидаги марказида атмосфера босими юқори бўлган совуқ антициклон 9–10 сентябрь кунлари Урал–Волгабўйи ҳудудлари орқали республика ҳудудларига кириб келади. 8–9 сентябрь кунлари республиканинг айрим ҳудудларида кучли фронтал шамоллар эсиши мумкин.

10–12 сентябрь кунлари республиканинг жанубий ҳудудларидан ташқари жойларда ҳаво ҳарорати анча пасаяди. Ҳарорат кундуз кунлари 25–30 даража илиқ, кечалари 11–16 даражагача пасаяди. Тоғларда ҳаво ҳарорати юқоридагиданда пастлайди.
Бу оқим ҳозирги мавсумда ўзидан кўп миқдорда ёғингарчилик олиб келмайди, аммо шунга қарамай, 10–11 сентябрь кунлари айрим ҳудудларда оз миқдорда ёмғир ёғиб ўтиш эҳтимоли бор. Келаётган ҳафта республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди.