Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашдими?
АОКАда 6 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева Ўзбекистондаги эпидемиологик ҳолат ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, мамлакатда касалланиш статистикаси 1 сентябрдан бери кунига 650 ҳолатдан паст даражани кўрсатмоқда. Штаб аъзосининг таъкидлашича, кўрсатгичлар пасайган бўлса ҳам вазият барқарорлашгани ҳақида айтишга ҳали эрта.
«Биз яхши биламизки, касалликни яширин даври икки кундан ўн тўрт кунгачадир, яъни инсон организмига тушган вирус икки ёки ўн, узоғи ўн тўрт кунгача ҳам касаллик аломатини келтириб чиқариши мумкин.
Касалликнинг келиб чиқиш муддати ўртача олганда 5–7 кунга тўғри келмоқда. Бу дегани, 5–7 кун, узоғи 10–14 кунда янги касалланишлар ўсиши ёки тушишини динамик кузатувини олиб бориб, кейин бир хулосага келсак бўлади», — деди Севара Убайдуллаева.
Аввалроқ Ўзбекистонда энг кенг тарқалган коронавирус штамми қайси экани маълум бўлганди ва Ўзбекистон вирусдан қачон қутулиши мумкинлиги айтилганди.