Ўзини Президент администрацияси ходими деб таништирган эркак мансабдорлардан 58 минг доллар олди — видео
Ўзини Ўзбекистон Президенти администрацияси ходими деб таништирган номаълум эркак мансабдор шахслардан 58 минг доллар олди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар қилди.

Маълум бўлишича, ўзини Президент администрацияси ходими Темир Алимов деб таништирган шахс мансабдор аёлга қўнғироқ қилиб, унга юқори лавозим тасдиқланганини, зудлик билан администрациянинг Москвадаги ваколатхонаси масъул ходими Малика Камоловнага телефон қилиши кераклигини, ҳозирча бу ҳақда бошлиқларга гапирмасликни тайинлаган.
Қайд этилишича, мансабдор Telegram орқали айтилган манзилга қўнғироқ қилган. Малика Камоловна суҳбатда фармонга душанба куни имзо чекилишини айтиб, мансабдор аёлдан қанча миқдорда пул бера олишини сўраган, аёл 20 минг доллар беришини айтган.
Бундан ташқари, масъул ходим аёлга ҳозир Россияда эканини, уйга совғалар олиш учун ўша пулларни банк ҳисоб рақами орқали бериб юборишини сўраган. Мансабдор аёл банк орқали 20 минг долларни Россияга жўнатиб юборган.
Таъкидланишича, текширувлар давомида қўнғироқлар Россия ҳудудидан бўлгани, жами 14 та сим-картадан фойдаланилгани, номаълум шахслар 20 нафар фуқародан 58 минг доллар олгани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ўзини ҳоким жияни деб таништириб, фуқароларни чув туширган хавфли рецидивист суд қилингани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқандда ўзини ҳокимият ходими деб таништириб, ер олиб бериш учун фуқародан пул олган шахс ушлангани ва Бухорода ўзини газета мухбири сифатида таништириб, пул ишламоқчи бўлганлар қўлга олингани маълум қилинган.