Панжшер вилояти тўлиқ «Толибон» ҳаракати назоратига ўтгани айтилди
Афғонистоннинг Панжшер вилояти бутунлай «Толибон» ҳаракати назорати остига ўтди. Бу ҳақда ҳаракат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳидга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, қаршилик кучларининг бир қисми жангларда мағлуб бўлган, бошқалари қочиб кетган. Ҳаракат вилоят эгаллангач, аҳолига зулм ўтказмаслигини айтган.
«Душман ёлланма аскарларининг охирги таянч пункти — Панжшер вилояти тўлиқ қўлга киритилди. Сўнгги пайтларда мамлакатда тўлиқ хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар ҳам ўз натижасини берди ва Панжшер вилояти Ислом Амирлигининг тўлиқ назоратига ўтди» — дея таъкидлаган «Толибон» ҳаракати матбуот котиби Мужоҳид Twitter’даги саҳифасида.

Маълумот ўрнида, Афғонистоннинг Панжшер вилояти «Толибон» ҳаракати томонидан ишғол қилинмаган ягона вилоят бўлиб қолганди. Маълум қилинишича, вилоятнинг номи таржимада «беш шер» деган маънони англатади. Бу мамлакатнинг 34 вилоятидан бири бўлиб, аҳолиси тахминан 150 минг кишини ташкил қилади.
Қайд этилишича, бундай воқеа аввал ҳам содир бўлган. 1996 йил сентябрь ойида жангарилар Кобулни эгаллаб олганидан кейин ҳукумат кучлари ва президент Раббоний Панжшер вилоятидан бошпана топган. Қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракатининг бутун мамлакат устидан ҳукмронлик қилишига тўсқинлик қилган.
Аввалроқ Панжшер қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракатининг камида 600 нафар жангчисини ўлдирганди. Шунингдек, Аҳмад Масъуд дунё давлатларига мурожаат қилган.