Қашқадарёда «Nexia» велосипедчини уриб юборди — видео
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 3 сентябрь куни «Nexia» велосипед ҳайдовчисини уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, ҳолат Ғузор тумани Ёрғинчи қишлоғи ҳудудидан ўтган А-378 Самарқанд–Ғузор йўлининг 136-километрида 3 сентябрь соат 8:30 атрофида содир бўлган. 90 километр/соат тезлик билан ҳаракатланиб келаётган «Nexia» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, эҳтиётсизлик оқибатида олдидан келаётган велосипедчини уриб юборган.
Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида велосипед ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда «Nexia» велосипедчини уриб юборгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода «Cobalt» велосипед ҳайдовчиси билан тўқнашгани ва Фарғонада юк машинаси велосипед ҳайдовчисини уриб юборгани маълум қилинган.