Қашқадарёда ўқитувчи МИБ ходимларини темир билан урди — видео
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида ўқитувчи Мажбурий ижро бюроси ходимларини темир билан ургани ҳақидаги хабар тарқалганди. Бюронинг вилоят бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, қарздор Э.С.дан ундирувчи З.Р. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати 2018 йилда Бюронинг Қамаши тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва Э.С.га нисбатан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Қайд этилишича, эркак 2021 йилнинг май ойига қадар бўлган алимент пулларини тўлаган. Аммо июнь, июль ва август ойлари учун алимент пулларини тўламагани боис қарздорлик миқдори 1 947 615 сўмга етган. МИБ ходимлари даъвогар З.Р.нинг мурожаати асосида 24 август куни собиқ эрининг алимент қарздорлигини ундириш мақсадида унинг манзилига борган ва қарздор ҳамда унинг онасига суд қарорида кўрсатилган талаблар тушунтирилиб, қарздорликни бартараф этишлари, акс ҳолда қарздорлик унинг мол-мулки ҳисобидан ундирилиши такроран айтилган.
Таъкидланишича, қарз тўланмагандан сўнг эркакнинг уйидан бир дона 32 дюймли рангли телевизор хатлаб чиқилаётган вақтда қарздор ва унинг оила аъзолари ижро ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатган. Ножўя сўзлар билан ходимларни ҳақорат қилиб, уларнинг қўл, юз ва танасининг турли қисмларига енгил тан жароҳати етказиб, темир билан урган.
Ҳолат юзасидан Э.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда қарздор эркак Мажбурий ижро бюроси ходимларини овлоқ жойга олиб бориб, калтаклагани хабар қилинганди. Шунингдек, Қашқадарёда фуқаролар бюро ходимларининг устига бензин сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлгани ва Бухорода Мажбурий ижро бюроси ходимини урган раҳбар жавобгарликка тортилгани маълум қилинган.