Қирғизистон Ўзбекистондан ҳамкорликдаги тараққиёт жамғармасини ишга туширишни тезлаштиришни сўради
Қирғизистон иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Руслан Татиков Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари Одил Исоқов билан учрашувда икки мамлакат президентлари ўртасидаги келишувларга асосланиб, «Ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармаси»ни ишга туширишни тезлаштиришни сўради. Бу ҳақда «Tazabek.kg» хабар берди.

Қирғизистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув 3-4 сентябрь кунлари Ислом тараққиёт банки гуруҳи бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида ўтказилган. Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.
Таъкидланишича, Тошкентда ўтказилган Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) йиллик йиғилишида Қирғизистон томондан Миллий банк раиси Толкунбек Абдигулов ҳамда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Руслан Татиков иштирок этган. Қирғизистон делегацияси ИТБнинг янги сайланган президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жосир билан ҳам учрашган, томонлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини, шунингдек, ўрта муддатли истиқболда ИТБнинг янги ҳамкорлик стратегиясини тайёрлашни муҳокама қилган.
Маълумот учун, жамғарма устав капитали 50 миллион АҚШ доллари бўлган халқаро ташкилот бўлади, унга Ўзбекистон ҳиссаси қўшилади, кейинчалик устав капитали 200 миллион АҚШ долларига кўтарилади.
Аввалроқ Қирғизистон президенти ўзбек–қирғиз тараққиёт жамғармасини тузиш тўғрисидаги битимни ратификация қилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Қирғизистон президенти Ўзбекистон билан чегарадаги муаммолар ҳали ҳал қилинмаганини айтганди.