Қирғиз–тожик чегарасидаги можарода нима учун Қуролли кучлар иштирок этмагани очиқланди
Қирғизистон Мудофаа вазири ўринбосари Нурлан Кирешеев Тожикистон билан чегарадаги можарода нима учун Қуролли кучлар иштирок этмаганини маълум қилди. Бу ҳақда «Akipress» хабар берди.

Маълум бўлишича, 2021 йил баҳорда чегарада можаро келиб чиққан. Таъкидланишича, бу муаммони ҳал қилиш учун икки давлатнинг ҳам Қуролли кучлари жалб этилмаган. Мудофаа вазири ўринбосари бу бўйича Жўқорғи Кенгешнинг Халқаро ишлар, хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси йиғилишида маълум қилган.
У нутқи давомида нега Қуролли кучлар бу муаммога жалб қилинмаганини изоҳлаган. «Тожикистон Қуролли кучларини ишлатмади. Шунинг учун биз томондан ҳам фақат Миллий хавфсизлик қўмитаси Давлат чегара хизмати кучлари жалб қилинди», — деган у.
Аввалроқ Қирғизистон ташқи ишлар вазири Тожикистон билан чегарадаги муаммолар тугамаганини айтганди. Шунингдек, Қирғизистон Тожикистон билан чегарадаги отишма ҳақида янги маълумотларни эълон қилган.