Янгиликлар - 11:06 · 06.09.2021

Россияда оғзида ғишт бўлаги бўлган ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилди

Россия пойтахти Москва шаҳрида оғзида ғишт бўлаги бўлган ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда «Известия» нашри хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Маълум қилинишича, эркакнинг мурдаси маҳаллий аҳоли вакили томонидан Рябиновая кўчасидан топилган. Марҳумнинг ёнида Рязан вилоятида вақтинча рўйхатдан ўтгани ҳамда 1990 йилда Ўзбекистонда туғилганини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўтказилган дастлабки кўрик натижаларига кўра, эркакнинг бош соҳасида турли жароҳатлар, қўлида кўкариш, оғзида эса ёт буюм (ғишт бўлаги) аниқланган. У ўлимидан тахминан икки кун ўтиб топилган.

Ҳозирда Россия Ички ишлар вазирлиги ходимлари Очаково-Матвеевск ҳудудида ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.

Аввалроқ Россияда қабристон яқинидан ўзбекистонлик йигитнинг жасади топилгани хабар берилган. Шунингдек, ўзбекистонлик эркак новвойлик қилиш учун борган жойида вафот этгани маълум қилинганди.

Bugun — LIVE