Самарқандда ЙПХ ходимидан қочган «Damas» тор кўчага кириб қолди — видео
Самарқанд вилояти Ургут туманида 28 август куни «Damas» ҳайдовчиси йўл-патруль ходимига бўйсунмай, машинани ҳайдаб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, шу куни соат 17:40 атрофида Навоий шоҳ кўчасида ЙПХ ходими К.Рашидов «Damas» ҳайдовчисига тўхташ ишорасини кўрсатган, аммо ҳайдовчи тўхтамасдан, ҳаракатда давом этган. ЙПХ ходими ва ИИБ соҳавий хизмати ходимлари бошқа бир «Damas»да бўйсунмай кетган ҳайдовчини кузатиб борган.
Қайд этилишича, ҳайдовчи тўхтаганидан сўнг ходимлар томонидан бўйсунмаслик ҳолатини бартараф қилиш чоралари кўрилган. ЙПХ ходими томонидан меъёрий ҳужжатлари тақдим қилиниши сўралганда ҳайдовчи ҳужжатларини тақдим қила олмаган. Шунингдек, у тегишли рухсатномасиз транспорт воситасининг ойнасини қорайтириб юргани аниқланган. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда баённома ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Аввалроқ Тошкентда «Equinox» ҳайдовчиси ЙПХ ходимига бўйсунмай, йўлида давом этгани, «Lacetti» ҳайдовчиси тирбанд йўлда ЙПХ ходимидан қочиб кетгани ва Фарғонада 14 ёшли бола «Lacetti»да ЙПХ ходимларидан қочишга урингани хабар қилинган.