Сурхондарёдаги тўйхонада келин ва куёв томон ўртасида катта жанжал юз берди
Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги тўйхонада 1 сентябрь куни келин ва куёв томон ўртасида катта жанжал юз берди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, туманнинг Дўстлик маҳалласида жойлашган «Орғул» тўйхонасида шу куни соат 13:30 атрофида Р.И., Қ.Ў., А.А. ва бошқалар бир гуруҳ бўлиб, фуқаро Д.А.ни ҳеч бир сабабсиз уриб, тепиб, тан жароҳати етказган.
Қайд этилишича, оқибатда фуқаро Д.А. туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббиёт бўлимига ётқизилган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Д.А. ва А.А. олган тан жароҳатлари енгил деб баҳоланган.
Таъкидланишича, тергов бўлими фуқаро Д.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 1-қисми билан, Р.И., Қ.Ў., А.А.га нисбатан шу модданинг 2-қисми «б» бинди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанддаги истироҳат боғида оммавий муштлашув содир бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қашқадарёдаги кафеда оммавий муштлашув содир бўлгани ва Футбол бўйича Қорақалпоғистон чемпионати ўйинида катта жанжал чиққани маълум қилинган.