Тошкентда салкам 120 млн сўмлик дорини сотмоқчи бўлган тадбиркор ушланди
Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида салкам 120 миллион сўмлик дорини сотмоқчи бўлган тадбиркор қўлга олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Янгиҳаёт туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда «B» МЧЖ таъсисчиси С.И. пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини дорихоналардан ташқарида сотмоқчи бўлгани аниқланган.
Таъкидланишича, у харидорга «Favilok, Favipravir tablets 200 mg» дори воситасини ҳар бир қутисини 450 минг сўмдан ҳисоблаб, 264 қутини 118,8 миллион сўмга сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда коронавирусга қарши дориларни салкам 30 миллион сўмга сотмоқчи бўлган талаба ушлангани хабар қилинган. Шунингдек, Самарқандда 25 миллион сўмга психотроп дори воситасини ноқонуний сотаётган 8 нафар фуқаро қўлга олингани маълум қилинган.