БМТ Афғонистонда очлик бошланиши мумкинлигини маълум қилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Афғонистонда озиқ-овқат ва бошқа зарур товарларнинг тугаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Ташкилот очлик хавфига дуч келган афғон халқига ёрдам бериш учун 600 миллион доллар йиғиш зарурлигига ишора қилган. «Озиқ-овқат ва бошқа ҳаётий зарур маҳсулотлар тез орада тугайди. Биз халқаро донорларни тез ва саховатли ёрдам кўрсатишга чақирамиз», — деган ташкилот вакили Йенс Лаерке.
Лаеркенинг баёноти 13 сентябрда ўтиши режалаштирилган Афғонистонга ёрдам бўйича халқаро конференция арафасида эълон қилинган. Аввалроқ экспертлар Афғонистонда ўта жиддий озиқ-овқат танқислиги хавфи борлигини таъкидлаган. Бунга мамлакатдаги беқарорлик ва ҳосилнинг камлиги сабаб сифатида кўрсатилган. Бундай вазиятда мамлакат хорижий озиқ-овқат ёрдамига жуда боғлиқ экани қайд этилган.
Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти «Толибон» ҳаракатига мурожаат қилганди. Шунингдек, ташкилот Aфғонистонга қўшни давлатларни чегараларни ёпмасликка чақирган.