Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги фермер хўжалик ерининг токзорида салкам 4 килограмм марихуана сақланаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, туман ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан «Қорадори-2021» тадбири ўтказилган. Унда туманнинг Бўстон маҳалласида яшовчи 46 ёшли С.Ж. раҳбарлик қилиб келаётган фермер хўжалиги токзорида гиёҳванд модда сақлаб келаётгани аниқланган.

Қидириш ишлари давомида бир дона полимер қоп ва бир дона полиэтилен пакетда умумий вазни 3,4 килограммга тенг бўлган марихуана расмийлаштирилган. Мазкур ҳолат юзасидан фермерга нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент шаҳри божхона постида хориждан келган почта жўнатмаси ичида гиёҳванд моддалар борлиги хабар қилинган. Шунингдек, Жиззахда уйида гиёҳванд ўсимлик эккан 64 ёшли эркак қўлга олингани маълум қилинган.