Жиззахдаги Зомин тоғларида ёнғин келиб чиққани бўйича жиноят иши қўзғатилди
Жиззахдаги Зомин тоғларида 1 август куни ёнғин юзага келгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат бўйича «Bugun.uz»га қўшимча маълумот берди.

Унда айтилишича, дастлабки тўпланган ҳужжатларга кўра, Ўриклисой қишлоғида жойлашган дам олиш маскани атрофида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганда ёнғин келиб чиқиб, арча ва бошқа ўсимликлар ёниб, нобуд бўлган ва «Зомин Миллий табиат боғи»га жуда кўп миқдорда зарар етган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198 (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Таъкидланишича, ҳозирда Бош прокуратура томонидан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ушбу ёнғин масаласига тўхталиб, «Зоминда ёнғин бўлди, бир бойваччанинг ўғли шу ишни қилибди», деган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахдаги Зомин тоғларида яна ёнғин содир бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқанддаги боғда ўрмон ёнғини содир бўлгани ва Қорақалпоғистонда кўлдаги қамишзор ёниб кетгани маълум қилинган.
