Фарғонада мактаб директори ўқитувчиларни мажбурий ишлатгани айтилган видеога изоҳ берилди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги мактабда устозлар мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида хабар тарқалди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган. Ўрганиш давомида мажбурий меҳнат ҳолати аниқланмаган, бироқ 15-сонли умумий ўрта таълим мактаби ходимларига нисбатан меҳнат қонунчилиги талаблари бузилган.
Таъкидланишича, ҳолат бўйича Марғилон шаҳар 15-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори вазифасини вақтинчалик бажарувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми билан энг кам ойлик иш ҳаққининг 10 баробари миқдорида жарима қўлланилган.
Аввалроқ Қашқадарёда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилингани ва Наманганда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақидаги хабарга изоҳ берилгани маълум қилинган.