Иорданиядаги саҳрода 46 метрли SOS сигнали аниқланди — фото
YouTube фойдаланувчиси Иордания жанубидаги саҳрода фалокат сигналини топди. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Маълум бўлишича, у бу ёрдам чақирувини «Google хариталар» дастурини ишлатаётган вақтида кўриб қолган. Бу сигнал дастурда 2019 йилдан бери мавжудлиги айтилган. Cигнал қум устида ёзилган «SOS Stranded» ёзувидан иборат. У инглиз тилидан таржима қилинганда «Ёрдам керак. Қолиб кетдим» деган маънони англатади.
Ёзувни топган одамнинг сўзларига кўра, бу белгининг узунлиги 46 метр ва баландлиги 8 метрдан ошади. Уни сунъий йўлдош ва самолётлардан кўриш мумкин. Мазкур ёзув муаллифи ҳали аниқланмаган. Тахминларга кўра, бу хабарни ҳарбийлар машқ пайтида қолдирган бўлиши мумкин.

2021 йилнинг март ойида Google фойдаланувчиларига хариталарда йўлларни ўзлари чизишга рухсат бериши маълум бўлган. Бу имконият аввал 80 та мамлакатга, кейин эса бутун дунёдаги одамларга берилиши айтилган. Фойдаланувчилар томонидан киритилган барча маълумотларнинг нашр этилишидан олдин тўғрилиги текширилиши таъкидланган.
Аввалроқ «Google хариталар» дастурида «Ер марказидаги тешик» деб белгиланган номаълум ҳудуд аниқланганди. Шунингдек, дастурда Беларусь президенти Александр Лукашенконинг қароргоҳи бўлган Минскдаги Мустақиллик саройи устида «диктатор мулки» ёзуви пайдо бўлган.