Исроил қамоқхонасидан 6 нафар жиноятчининг қандай қочгани ҳақида қўшимча маълумот берилди
Исроилдаги қамоқхонадан 6 нафар фаластинлик туннель орқали қочиб кетгани маълум қилинганди. Мамлакат ҳукумати уларнинг энг яхши қўриқланадиган қамоқхонадан қандай қочгани бўйича қўшимча маълумот берди. Бу ҳақда «Кан 11» телеканали хабар берди.

Маълум қилинишича, Исроил полицияси ва ҳарбийлари жиноятчиларни ҳибсга олиш операциясини 19 соатдан буён давом эттирмоқда. Жазони ижро этиш муассасасига яқин пунктлар аҳолиси «Гильбоа» қамоқхонаси ёнида шубҳали одамларни тахминан тонгги соат 03:00 да кўрганини айтган.
Дастлабки текширув натижаларига кўра, эрталаб соат 01:30 да 6 жиноятчи ўз камерасининг ҳаммомига кириб, камера полидаги вентиляция тешикларидан бирини кўтариб, тор туннель орқали бирма-бир чиқиб кетган.
Телеканал маълумотларига қараганда, жиноятчилар туннель орқали чиқиб, қамоқхона деворидан бир неча метр нарида кийимларини алмаштирган ва у ердан машинада қочиб кетган. Соат 01:49 да полицияга маҳаллий аҳоли вакили қўнғироқ қилиб, автомагистраль бўйлаб кетаётиб, қўлида номаълум предмет ушлаб турган гумонланувчиларни кўрганини айтган. Тунги соат 02:00 да «Бейт-Шеан» станцияси қўмондони ўринбосари бу воқеани қамоқхонага маълум қилган ва 03:29 да йўқолган яна 3 маҳбус ҳақида хабар берилган. Тахминларга кўра, жиноятчилар қамоқхона ташқарисидаги шериклари ёрдамидан фойдаланган.
Исроил расмийларининг айтишича, камчиликлар нафақат қамоқхона ва полиция, балки қамоқхона биносининг ишига ҳам тегишли. Маълум бўлишича, ҳожатхона кабинасидаги бетон қатлам етарлича қалин бўлмаган, бу жиноятчиларга қийналмасдан қочишга имкон берган.
Аввалроқ Исроил ва Фаластин вакиллари 11 йил ичида биринчи марта юқори даражали учрашув ўтказгани маълум қилинганди. Шунингдек, Исроил ҳарбий ҳаракатларни қачон тўхтатишини хабар берган.