Покистон «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватлайдими?
Покистон президенти Ориф Алвий «Толибон» ҳаракатининг Панжшерга қилган ҳужумини Покистон қўллаб-қувватлагани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда «Geo News» хабар берди.

Президентнинг сўзларига кўра, Покистон Панжшерга ракета ва ҳаво зарбалари бергани ҳақидаги хабарларнинг бари уйдирма. Алвий, шунингдек, Паншжер вилоятига учирилган «F-15» қирувчи самолётлари Покистон қуролли кучларида йўқлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у «тарғибот, дезинформация ва сохта хабарларни фактлар билан солиштириш керак»лигини қайд этган.
Маълумот учун, Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ Исломободни «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватлашда ва хусусан, Панжшер водийсига бостириб киришда айблаган эди. Шунингдек, у «Толибон» кучларига нафақат Покистон армияси, балки «Ал-Қоида» террорчилари ҳам ёрдам бераётганини айтганди.
Аввалроқ Покистон разведкаси бошлиғи «Толибон» ҳаракати сиёсий идораси раҳбари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Покистон ҳукумати «Толибон» ҳаракати лидерларидан бирини қамоқдан чиқаргани маълум қилинган.