Путин Россия мудофаа вазири билан дам олишга кетди
Россия президенти Владимир Путин Узоқ Шарққа сафаридан сўнг мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу билан бирга Сибирга дам олишга кетди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Давлат раҳбари матбуот котиби Песковнинг сўзларига кўра, президент ва Шойгу ҳозирда Сибирда, бироқ матбуот котиби уларнинг айнан қаерда экани ҳақида аниқ маълумот беролмайди.
«Оддий дам олиш жойи: тоғлар, сайрлар, тоза ҳаво ва шу каби», — деган у.
Таъкидланишича, давлат раҳбарининг Москвага 8 сентябрь, чоршанба куни кечқурун қайтиши кутилмоқда. Песков мазкур сафар давомида Путин Шойгу билан Сибирда янги шаҳарлар қуриш ташаббусини муҳокама қилиши мумкинлигини айтган. «Албатта, Сергей Кужугетович президент билан концептуал тарзда бу мавзуни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлган», — деган Путиннинг матбуот котиби. Маълумот учун, Путин охирги марта Шойгу билан 21 март куни Сибирда дам олган.
Аввалроқ Путин коронавируснинг келиб чиқишига оид хабарларга муносабат билдирганди. Шунингдек, Путин болалигида ким бўлишни хоҳлаганини айтганди.