Қатар янги механизм орқали Ғазо секторини молиялаштиришни тиклайди
Қатар Фаластин миллий маъмурияти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти иштирокидаги янги механизм орқали Ғазо секторидаги ҳукумат амалдорлари ва кам таъминланган оилаларга молиявий ёрдамни қайта тиклайди. Бу ҳақда қамалдаги анклавни тиклаш қўмитасига раҳбарлик қилаётган қатарлик дипломат Муҳаммад ал-Эмади нутқига таяниб, «РИА Фан» хабар берди.

Келтирилишича, Муҳаммад ал-Эмади Ҳамас исломий ҳаракати раҳбарлари билан учрашгандан сўнг май ойида тўхтатилган амалдорлар ва ночор оилаларга бериладиган нафақа тўловлари яқин кунларда қайта тикланишини маълум қилган. «Барча тафсилотлар кўриб чиқилди, жараён яқин орада бошланади», — деган у.
Ҳамас манбасининг «Al Jazeera» телеканалига берган изоҳига кўра, гуруҳ ҳукумат амалдорларига Қатар ёрдамидан фойдаланишга ҳам рухсат берилишини талаб қилган. Қатар дипломатининг таъкидлашича, янги келишув Исроил ва Миср назоратидаги қирғоқ анклави билан чегара ўтиш пунктларининг тўлиқ очилишини назарда тутади. Бироқ бу қачон содир бўлиши мумкинлиги ҳақида аниқ кўрсатма йўқ.
Қайд этилишича, тўловларнинг қайта бошланиши ва чегаралар очилиши Ғазо секторида яшаш шароитларини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатади ва барча томонларга кескин вазиятдан чиқишга ёрдам беради. Маълумот учун, Исроил томонидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида Ғазо секторига етказилган зарар миқдори 244 миллион долларни ташкил қилганди.
Аввалроқ Исроил ва Фаластин вакиллари 11 йил ичида биринчи марта юқори даражали учрашув ўтказгани маълум қилинганди. Шунингдек, Исроил полицияси билан тўқнашувда 400 га яқин фаластинлик жароҳатлангани ҳақида хабар берилган.
