Қорақалпоғистонда 2 бош жайронни отганларга жиноят иши қўзғатилди
Қорақалпоғистонда «Қизил китоб»га киритилган 2 бош жайронни овлаган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, Республика экология қўмитасининг назорат инспекцияси ва давлат инспектори К.Қ томонидан экологик жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан назорат тадбири ўтказилган. Унда Тўрткўл туманида яшовчи И.Б ва Элликқалъа туманида яшовчи Ш.У ҳамда Е.А Тахтакўпир туманидаги Жанадарья овулида «Қизил китоб»га киритилган сут эмизувчилар тоифасига мансуб 2 бош жайронни овлагани аниқланганди.
Таъкидланишича, Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилиб, Жиноят кодексининг 202-моддаси (Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) 3-қисми «ж» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда 11 бош жайронни ноқонуний овлаганлар ушлангани хабар қилинган.