Қозоғистонда ўзбекистонлик эркак қўлга олинди
Қозоғистоннинг Павлодар вилояти полиция ходимлари ўзбекистонлик эркакни қўлга олди. Бу ҳақда «Pavlodarnews.kz» хабар берди.

Павлодар ҳуқуқ-тартибот ходимларининг сўзларига кўра, 28 ёшли ўзбекистонлик эркак Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан қидирувда бўлган. У фирибгарликда айбланиб, қидирувга берилган.
Таъкидланишича, полиция ходимлари эркакни асосий мақсади жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлган «Правопорядок» профилактик тадбири доирасида қўлга олган.
Маълумот учун, Қозоғистонда 28 нафар ўзбекистонлик фуқаро ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани аниқланганди. Ўзбекистонлик фуқаролар шаҳар объектларининг бирида таъмирлаш ишларини олиб борган ва бу ҳақда иш берувчи чет эл фуқароларининг мамлакатда бўлиши тўғрисида ички ишлар органларига хабар бермаган.
Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик мигрантлар учун янги таклиф киритилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россияда мигрантларга яна бир мажбурият юклангани маълум қилинган.