«Толибон» Афғонистонни қандай усулда бошқаришини эълон қилди
«Толибон» ҳаракати раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода Афғонистон шариат қонунлари бўйича бошқарилишини эълон қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Маълум бўлишича, Охундзода келгусида Афғонистонда бошқарув ва ҳаётнинг барча масалалари шариат қонунлари билан бошқарилишини таъкидлаган. Шунингдек, у мамлакатнинг қўшнилари билан қандай муносабат ўрнатишини очиқлаган.
«Биз қўшниларимиз ва бошқа давлатлар билан ҳурматга асосланган мустаҳкам ва соғлом муносабатларни истаймиз. Бу давлатлар билан муносабатларимиз Афғонистон манфаатларига асосланган бўлади. Биз Ислом қонунлари ва миллий қадриятларга зид бўлмаган барча халқаро қонунлар, битимлар, қарорлар ва мажбуриятларга содиқмиз», — деган у.
«Ислом амирлиги (ҳаракат ўзини шундай номлаган) муқаддас Ислом дини талаблари доирасида инсон ҳуқуқлари, озчилик ва ночор гуруҳларни ҳимоя қилиш учун жиддий ва самарали чоралар кўради», — деб қўшимча қилган Охундзода.
Аввалроқ Афғонистоннинг янги раҳбари ким бўлиши айтилганди. Шунингдек, ҳаракат вақтинчалик ҳукумат таркибини эълон қилган.