Тошкент вилоятида коронавирусга қарши дори воситаларини 30 минг долларга сотганлар ушланди
Тошкент вилоятида пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини ноқонуний сотмоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бўстонлиқ туман бўлими ҳамда Божхона қўмитасининг вилоят бошқармаси тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро М.К. ва бошқалар дорихона ва уларнинг филиалларидан ташқарида жами 460 қути «SARS-COV-2 lgM/lgC» номли тиббий буюмларни 30 минг долларга сотган вақтида ушланган.
Шунингдек, департаментнинг Чиноз туман бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитасининг вилоят бошқармалари ўтказган тезкор тадбирда фуқаро Ж.Ш. ва бошқалар 175 қути «Remdesivir for Injection 100 mg/Vial» дори воситасини жами 7875 долларга сотган вақтида ушланган. Шу каби, департаментнинг Тошкент туман бўлими ўтказган тадбирда фуқаро А.Н 8300 дона «Никозон-С» дори воситасини жами 120 миллион сўмга сотган вақтида қўлга олинган.
Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида салкам 15 минг долларга дори воситаларини ноқонуний сотмоқчи бўлганлар ушлангани, Жиззахда коронавирусга қарши дориларни салкам 30 миллион сўмга сотмоқчи бўлган талаба қўлга олингани ва Тошкентда салкам 120 миллион сўмлик дорини сотмоқчи бўлган тадбиркор ушлангани хабар қилинган.