Тошкентда «Абдулла Орипов» ҳужжатли фильми премьераси бўлиб ўтди
Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида 7 сентябрь куни «Абдулла Орипов» ҳужжатли фильми премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Маълум бўлишича, Кинематография агентлиги ва Олий таълим муассасалари ҳамкорлигида «Халқ юраги» туркумидаги 24 нафар адибга бағишланган фильмлар яратилган. Премьерадан олдин Кинематография агентлиги ва Тошкент иригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти томонидан «Шеъриятга бахшида умр» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилган. Тадбирда шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган маърузалар, шеърий парчалар ижро этилган. 2021 йилда Абдулла Орипов таваллудига 80 йил тўлди.

Таъкидланишича, шундан сўнг «SPECTRE» студияси томонидан суратга олинган «Абдулла Орипов» ҳужжатли фильми намойиш этилган. Сценарий муаллифи Фурқат Усмонов, постановкачи режиссёр Шоҳрух Расулов, постановкачи оператор Жаҳонгир Ибрагимов, постановкачи рассом Акмал Саидов, иккинчи режиссёр Муаттар Мирражабова, ижрочи продюсер Давронхўжа Абдуғаниев бўлган.

Қайд этилишича, фильмни тасвирга олиш ишлари Тошкент ва Қашқадарё вилоятида, Тошкент шаҳрида ҳамда «Ўзбекфильм» киноконцерни павильонида бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Бобур ҳақидаги ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда «Мен террорчи эмасман. Ўлимим тарихи» фильмининг катта премьераси бўлиб ўтгани ва Тошкентда «Мерос» фильмининг премьераси ўтказилгани маълум қилинган.