Тошкентда Бобур ҳақидаги ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди
Тошкентдаги Адиблар хиёбонида 7 сентябрь куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Йўлбарс изидан“ ҳужжатли фильмининг премьераси ўтказилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, премьерадан олдин Кинематография агентлиги, Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолияти — ватанпарварлик намунаси» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилган. Тадбирда Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган маъруза, саҳна кўринишлари, ғазал ва шеърий парчалар ўқилган.

Қайд этилишича, тадбирдан сўнг агентлик ва Жамоат хавфсизлиги университети буюртмасига биноан «Sintez film» студияси томонидан суратга олинган «Йўлбарс изидан. Заҳириддин Муҳаммад Бобур» ҳужжатли фильми намойиш этилган. Бу кинокартина «Халқ юраги» номи остида суратга олинган туркум фильмлардан бири саналади.

Таъкидланишича, сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Бобур Шер ўғли, постановкачи оператор Диёр Исматов, постановкачи рассом Санъат Кенжаев, продюсер Хуршид Алихўжаев бўлиб, актёрлар Илҳом Бердиев, Эльмира Раҳимжонова, Баҳрилло Раҳимов, Алишер Йўлдошев, Мансур Абдухолиқов, Райҳон Асадова, Умид Зокиров, Далер Темуров, Зариф Ҳасанов ҳисобланади.

Аввалроқ Тошкент халқаро кинофестивалининг ишчи гуруҳи фаолият бошлагани ва хорижий теле-кино гуруҳлар «Янги Ўзбекистон» ҳақида фильмлар суратга олиши хабар қилинган.