Тошкентда мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий жанжал бўлгани айтилган видео тарқалди
Тошкент шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув бўлгани ҳақида хабар тарқалганди. «Bugun.uz» ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати билан боғланди.

Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарлар фейк бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайди.
«Ҳолат кино съёмкаси пайтида олинган», — деган матбуот хизмати ходими «Bugun.uz» мухбирига.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳам ҳолатга муносабат билдириб, видеода акс этган ҳолат «Мактаб» номли сериални суратга олиш жараёни бўлиб, август ойининг охирида Мирзо Улуғбек туманида тасвирга олинганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёдаги мактабда ўқувчи қизлар муштлашгани юзасидан маълумот берилганди. Шунингдек, Қашқадарёдаги кафеда оммавий муштлашув содир бўлгани ва Самарқанддаги истироҳат боғида оммавий муштлашув юзага келгани маълум қилинган.