Тошкентда «оёғи ердан узилган» ЙПХ ходими ҳайдовчига сўкинди — видео
Тошкент шаҳар Миробод туманида 25 август куни йўл патруль хизмати ходими ҳайдовчига сўкингани акс этган видео тарқалди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Хабар қилинишича, шу куни соат 11:00 да Нукус–Миробод кўчалари кесишган чорраҳада ЙПХ ходими Ш.Бекназаров томонидан «Nexia-3» русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган. ЙПХ ходими автомобиль салонида йўловчилар бўлгани сабаб карантин талаблари асосида тиббиёт ниқобини тақиб олиши кераклиги бўйича ҳайдовчига тушунтириш берган.
Қайд этилишича, ўзаро мулоқот вақтида ходим муомала маданиятидан четга чиққани видеода акс этган. Ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Аввалроқ Наманганда ЙПХ ходими маст ҳайдовчига кескин таҳдид қилгани ва Андижонда ҳайдовчига қўпол муомалада бўлган ЙПХ ходимига чора кўрилгани хабар қилинган.