Тошкент шаҳар Сергели туманида 4 сентябрь куни «Changan» юк машинаси аёл кишини туртиб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар Сергели тумани Зийнат маҳалласида 4 сентябрь куни соат 15:00 атрофида 1979 йилда туғилган Ш.Р. исмли «Spark» автомобили ҳайдовчиси ва 1983 йилда туғилган Ҳ.М. исмли «Changan» юк автомобили ҳайдовчиси ўртасида ўзаро тортишувли вазият юзага келган.

Қайд этилишича, юк автомобили ҳайдовчиси воқеа жойидан кетмоқчи бўлган вақтда Ш.Р. исмли аёл машинанинг олд қисмига тепган. Ҳайдовчи тўхтамасдан ҳаракатда давом этган ва уни автомобиль билан туртиб ўтган.

Таъкидланишича, оқибатда аёл тан жароҳати олган. Ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда 2 та «Nexia» тўқнашиб кетиши оқибатида машиналардан бири йўл четидаги велосипедчини босиб кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда «Nexia» йўлда ётган пиёдани босиб кетгани ва Самарқандда юк машинаси 24 ёшли йигитни босиб ўтгани маълум қилинган.